Бугун, 17 июль куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган трансформатор пунктида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, соат 09:10 да Мирзо Улуғбек тумани, Олимлар кўчасида жойлашган трансформатор ёнаётгани ҳақида ФВББга хабар келиб тушган.
Шундан сўнг ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб борган. Ёнғин соат 09:28 да тўлиқ бартараф этилган.
Аниқланишича, ҳодиса оқибатида трансформатор ёнган ва шикастланган.
Айни пайтда туман электр тармоқлари ходимлари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ёнғин оқибатида жабрланганлар йўқ.






