Ўзбекистонда Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz’га ўхшатиб сохта сайт яратиб, юзлаб фуқароларнинг банк карталари орқали пул маблағларини талон-торож қилган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, жиноий схемани 1993 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс ташкил этган. У ва унинг шериклари my.gov.uz порталига ташқи кўриниши жиҳатидан ўхшаш сохта веб-сайт ишлаб чиққан ҳамда ижтимоий тармоқларда, хусусан, Instagram орқали "Компенсация расмийлаштириш маркази" номи билан ёлғон реклама тарқатган.
Рекламага ишонган фуқаролар сохта сайтга йўналтирилиб, улардан анкета тўлдириш ва банк картаси маълумотларини киритиш талаб қилинган. Шу тариқа фирибгарлар банк карталари маълумотларини қўлга киритиб, ҳисоблардаги маблағларни ўзлаштирган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мазкур жиноятни бир эмас, балки уюшган жиноий гуруҳ содир этган. Унинг фаолиятига 2002 ва 2006 йилларда туғилган шахслар ҳам жалб қилинган.
Тергов давомида гуруҳ 26 нафар фуқаро номига расмийлаштирилган жами 293 та банк картаси — "дроп" карталардан фойдалангани аниқланган. Ўғирланган маблағлар аввал ушбу карталарга ўтказилган, сўнг Telegram мессенжеридаги махсус криптоботлар орқали криптоактивларга айлантирилиб, маблағ изини яширишга уринилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жиноий гуруҳ республика бўйлаб 456 нафар фуқаронинг 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағини қўлга киритган.
Қайд этилишича, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гуруҳ фаолиятига барҳам берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 278-6-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 12 март куни Президент Шавкат Мирзиёев кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик ҳамда ахборот технологиялари орқали содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга оид таклифлар тақдимоти билан танишган эди.
Унда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятлар сони кескин ортиб бораётгани қайд этилиб, бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, кибержиноятларнинг янги шаклари учун алоҳида ҳуқуқий механизмларни жорий этиш зарурлиги таъкидланган.






