Россиянинг Екатеринбург шаҳрида оғир моддий ва жисмоний аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросига ватанга қайтишда ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида туғилган А. Д. 8 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонасига мурожаат қилган. У 2026 йил январь ойида ишлаш учун Свердловск вилоятига борган.
Бироқ июль ойида яшаш жойида йиқилиб, умуртқа поғонасидан оғир жароҳат олган. Молиявий имконияти чеклангани сабабли зарур даволанишни давом эттира олмаган. Шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ҳам яроқсиз ҳолга келган.
Консулхона ва Миграция агентлиги кўмагида унга Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилиб, "Екатеринбург–Тошкент" авиарейсига бепул чипта олиб берилган.
Фуқаро консулхона ва Миграция агентлиги ходимлари кузатувида Ўзбекистонга қайтарилган.






