Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида қурилиш ишлари вақтида баландликдан йиқилиб, оғир жароҳат олган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаронинг турмуш ўртоғи 25 август куни уни Ўзбекистонга қайтаришда ёрдам сўраб Бош консулхонага мурожаат қилган. Ўрганишлар давомида фуқаро қурилиш объектида эҳтиётсизлик оқибатида баландликдан йиқилиб, оғир жароҳат олгани ва 15 августдан буён маҳаллий шифохонада даволаниб келаётгани аниқланган.
Фуқаронинг соғлиғи инобатга олиниб, Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги томонидан уни ватанга қайтариш чоралари кўрилган.
Натижада фуқаро ва унинг турмуш ўртоғи "Қоплонбек — Навоий" чегара назорат пости орқали Ўзбекистонга олиб ўтилган. У ерда оғир жароҳат олган фуқарони махсус тез тиббий ёрдам машинаси ва шифокорлар кутиб олган.
Шундан сўнг у хавфсиз тарзда тегишли тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.






