АсосийБУ ҚИЗИҚ

Ўзбекистон ва Тожикистонга сайёҳлик қизиқиши 64 фоизга ошди

Мазкур кўрсаткич фақат сайёҳларнинг қизиқиши ва қидирув фаоллигини англатади. У реал бронлар ёки мамлакатга келган сайёҳлар сони ўсганини билдирмайди.

'Ўзбекистон ва Тожикистонга сайёҳлик қизиқиши 64 фоизга ошди'ning rasmi

Ўзбекистон ва Тожикистон саёҳат йўналишлари бўйича энг тез ўсиш қайд этилган давлатлар қаторига кирди. Бу ҳақда Amadeus компанияси ва БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти ҳамкорлигида тайёрланган "Travel Insights 2026: Focus on Europe" ҳисоботида маълум қилинган.

Ҳисоботга кўра, икки мамлакат бўйича саёҳатга оид интернет қидирувлари сони 64 фоизга ошган. Мутахассислар бу ҳолатни сайёҳларнинг анъанавий йўналишлардан ташқари, янги масканлар, табиий гўшалар ва маҳаллий маданият билан боғлиқ тажрибаларга қизиқиши ортиб бораётгани билан изоҳлаган.

Шу билан бирга, мазкур кўрсаткич фақат сайёҳларнинг қизиқиши ва қидирув фаоллигини англатади. У реал бронлар ёки мамлакатга келган сайёҳлар сони ўсганини билдирмайди.

Тадқиқотда Швейцария, Швеция, Дания, Ирландия, Бельгия ва Норвегия каби машҳур йўналишларда ҳам сайёҳликка қизиқиш ошгани қайд этилган.

Amadeus мутахассисларига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон учун бу тенденция янги имкониятларни очмоқда. Кам танилган сайёҳлик масканларини тарғиб қилиш, халқаро авиакомпаниялар ва туроператорлар билан ҳамкорликни кучайтириш орқали қизиқишни реал саёҳатларга айлантириш мумкин.

Умуман олганда, Европа туризм бозорида ҳам ўсиш кузатилмоқда. 2025 йил майидан 2026 йил апрелига қадар Европага саёҳат оқими 2,3 фоизга ошган, меҳмонхоналар бандлиги эса 2 фоизга кўпайган. Бундан ташқари, сайёҳлар тобора янги ва кам оммалашган йўналишларни танлаётгани қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар