Ўзбекистонда 20 июль куни экстремал иссиқ об-ҳаво сақланиб қолади. Бу ҳақда "Ўзгидромет" хабар берди.
Маълум қилинишича, душанба куни республика ҳудудининг аксарият қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Айрим ҳудудларда шамол кучайиб, чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳаво кам булутли бўлади. Шамол шарқдан секундига 3–8 метр тезликда эсади, айрим жойларда 12–15 метргача кучайиши ва чанг-тўзон кўтарилиши мумкин. Ҳарорат кечаси 27–29, кундузи 41–43 даража бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳарорат кечаси 22–27, кундузи 34–39 даража атрофида бўлади. Бухоро ва Навоий вилоятларида кундузи ҳаво 40–45 даражагача исийди.
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида кундузги ҳарорат 40–45 даража, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эса 43–48 даража бўлиши кутилмоқда.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида кундузи ҳаво 40–45 даражагача исийди. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда эса ҳарорат 30–35 даража, айрим жойларда 37 даражагача кўтарилади.
Синоптикларнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари 13 июль куни кириб келган. Бу жараён 20 июлга қадар давом этади.
21 июлдан бошлаб республика ҳудудининг барча жойларида иссиқ ҳаво чекина бошлайди.






