АсосийЖАМИЯТ

Фарғонада янги туғилган чақалоғини сотишга уринган эр-хотин 5 йилга қамалди

Фарғона шаҳрида янги туғилган фарзандини сотишга уринган эр-хотинга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

'Фарғонада янги туғилган чақалоғини сотишга уринган эр-хотин 5 йилга қамалди'ning rasmi

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилган иш материалларига кўра, эр-хотин 2024 йил октябрь ойида танишган ва никоҳини расмийлаштирмаган ҳолда бирга яшай бошлаган. 2025 йил октябрь ойида уларнинг ўғил фарзанди дунёга келган.

Судда аёл чақалоқни сотишга молиявий қийинчиликлар сабаб рози бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, болани сотишдан тушадиган маблағ ўзининг қарзлари ва турмуш ўртоғининг кредитларини тўлаш, шунингдек, Туркияга ишлаш учун бориш харажатларини қоплашга сарфланиши режалаштирилган.

Аёлнинг таъкидлашича, у дастлаб фарзандини сотишга рози бўлмаган. Бироқ таниши бола «яхши шароитда тарбия топиши»ни айтганидан сўнг бу фикрга кўнган.

Судланувчининг айтишича, турмуш ўртоғи мазкур режадан битим амалга оширилиши куни хабардор бўлган. Бу эса улар ўртасида жанжал келиб чиқишига сабаб бўлган. Кейинчалик эркак ҳам чақалоқни сотишга ёрдам беришга рози бўлган. Уларнинг режасига кўра, воқеадан сўнг ажрашиш ҳам кўзда тутилган.

Суд ҳукми билан ҳар икки судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Улар 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Чақалоқнинг кейинги тақдирини ҳал этиш масаласи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Қўқон шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Болаларни ҳимоя қилиш бўлимига топширилди.

    Бошқа янгиликлар