АсосийДУНË

Россиядан қочиб кетганлар мол-мулкини сотиш ва консуллик хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади

Қонун мамлакат ташқарисида бўлган ва Россия Жиноят кодексининг исталган моддаси бўйича судланган шахсларга нисбатан қўлланилади.

'Россиядан қочиб кетганлар мол-мулкини сотиш ва консуллик хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади'ning rasmi

Россия Давлат думаси мамлакат ташқарисида бўлиб, суд томонидан тайинланган жазодан қочиб юрган шахсларга нисбатан вақтинча чеклов чораларини жорий этишни назарда тутувчи қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.

Қонун мамлакат ташқарисида бўлган ва Россия Жиноят кодексининг исталган моддаси бўйича судланган шахсларга нисбатан қўлланилади. Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жарималарини тўламаган шахслар ҳам чекловлар доирасига киритилади.

Жумладан, хорижий агент сифатида фаолият юритиш, “номақбул ташкилот” фаолиятида иштирок этиш, Россиянинг ҳудудий яхлитлигини бузишга ёки санкциялар жорий этишга чақириш, шунингдек, Россия армиясини “обрўсизлантириш” билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жарималарни тўламаган шахсларга нисбатан ҳам чоралар кўрилади.

Янги тартибга кўра, бундай шахсларнинг банк ҳисоб рақамлари музлатилади. Уларга тегишли бўлган кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиш тақиқланади. Илгари берилган лицензия, рухсатнома ва аккредитациялар тўхтатилади.

Шунингдек, Россия ҳудудида давлат хизматларидан фойдаланиш чекланади. Чет элда эса консуллик хизматлари, жумладан, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш, битимлар, васиятномалар ва ишончномаларни тасдиқлаш каби хизматлар кўрсатилмайди.

Қонуннинг иккинчи ўқишида қўшимча чекловлар ҳам киритилди. Хусусан, банклар мазкур шахсларнинг мобил иловалар ва веб-сайтлардаги шахсий кабинетларига киришини блоклайди. Бу эса уларнинг пул ўтказмаларини амалга оширишини чеклайди.

Бундан ташқари, ушбу шахсларнинг даромадлари махсус ҳисоб рақамига ўтказилади. Мазкур ҳисобдан суд харажатлари ундирилиши мумкин.

Қонун расман эълон қилинганидан кейин кучга киради.

Овоз беришдан олдин Давлат думаси спикери Вячеслав Володин мамлакатдан чиқиб кетган шахсларни судга келиб, айбини тан олишга чақирди.

“Гап мамлакатимизга зарар етказаётганлар ҳақида бормоқда. Булар экстремистлар, Ватанга хиёнат қилганлардир. Улар йиллар давомида давлатимизни йўқ қилишга уринмоқда. Улар фашизмни оқлайди, аскар ва офицерларимизни ҳақорат қилади. Шу билан бирга, бошқа мамлакатларда жазодан яшириниб юрибди”, деди Володин.

Аввалроқ Россияда судланган мигрантларга мамлакатда яшаш тақиқланиши ва уларга фуқаролик берилмаслиги ҳақида хабар қилинган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Россиядан қочиб кетганлар мол-мулкини сотиш ва консуллик хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади - Darakchi.uz