АсосийЖАМИЯТ

Шавкат Мирзиёевни 6 давлат раҳбари туғилган куни билан табриклади

Эрон, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари давлатимиз раҳбарига телефон орқали қўнғироқ қилиб, самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади.

'Шавкат Мирзиёевни 6 давлат раҳбари туғилган куни билан табриклади'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Эрон, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатлар давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон Президентини таваллуд куни билан самимий табриклади.

Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Шавкат Мирзиёевга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятида янги зафарлар тилади.

Мулоқотда Яқин Шарқ минтақасида давом этаётган кескинлик юзасидан жиддий ташвиш билдирилди. Вазминликни сақлаш ва мулоқотни қайта тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим экани таъкидланди.

Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар тилади.

Садир Жапаров Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.

Суҳбатда ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръати ортиб бораётгани, товар айирбошлаш ҳажми ўсиб, саноат кооперацияси лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилди. Бўлажак олий даражадаги саммит кун тартибини, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада пухта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон раҳбарига мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.

Телефон мулоқотида Ўзбекистон—Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Тошкентда ўтказилган Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларининг самарали натижалари қайд этилди. Бўлажак олий даражадаги саммитга тайёргарлик кўриш, унинг иқтисодий кун тартибини аниқ лойиҳалар билан бойитиш муҳимлиги таъкидланди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётгани ва устувор тармоқларда кооперация лойиҳалари илгари сурилаётганини мамнуният билан қайд этди. Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президентини таваллуд куни билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва янги зафарлар тилади.

Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан дадил илгарилаб, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаб бораётганини таъкидлади.

Суҳбатда икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Жумладан, Тожикистон Президентининг 26–27 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни, айниқса, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги битимларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Ўзбекистон раҳбарини таваллуд куни билан табриклади.

У Шавкат Мирзиёевга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Шунингдек, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Мулоқотда Ўзбекистон—Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми ортиб бораётганини қайд этди. "Шовот—Тошовуз" савдо зонаси фаолияти ҳам ўзаро савдо ҳажмини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларидаги кооперация лойиҳалари, шунингдек, парламентлараро, ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, жорий йил кузида Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Давлат раҳбарлари телефон мулоқотлари давомида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашди.

    Бошқа янгиликлар