АсосийДУНË

Трамп Эрон ва ҳусийларга "йирик ҳарбий жазо" билан таҳдид қилди

Воқеалар ортидан нефть нархи ҳам кескин ошди.

'Трамп Эрон ва ҳусийларга "йирик ҳарбий жазо" билан таҳдид қилди'ning rasmi

АҚШ Президенти Дональд Трамп Яман ҳусийлари Қизил денгизда Саудия Арабистонига тегишли икки нефть танкерини нишонга олганидан сўнг Эрон ва ҳусийларга нисбатан "йирик ҳарбий жазо" қўлланишини айтди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Трампнинг таъкидлашича, агар ҳусийлар Қизил денгиздаги ҳужумларни давом эттирса, АҚШ келгуси зарбалар учун Эронни ҳам жавобгар деб ҳисоблайди. У ҳусийларни Эроннинг "прокси кучи" деб атаган.

"Улар буни яна такрорласа, АҚШ Эронни жавобгар деб билади. Чунки ҳусийлар Эроннинг прокси кучидир. Эрон ва, албатта, ҳусийларнинг ўзига нисбатан йирик ҳарбий жазо қўлланади", деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқда.

У Axios нашрига берган интервьюсида Эронга қарши йирик ҳарбий операцияларни қайта бошлаш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди.

"Улар ҳали етарлича оғриқни ҳис қилгани йўқ", деди Трамп.

Ҳусийлар 23 июль куни Саудия Арабистонига тегишли икки нефть танкерини нишонга олганини маълум қилган. Гуруҳ бундан аввал Саудия Арабистонига нисбатан денгиз блокадаси жорий этилганини билдирган.

Ҳужумлар Яқин Шарқдаги урушни яна бир муҳим денгиз йўлига ёйиш хавфини кучайтирди. Боб ал-Мандаб бўғози орқали ўтадиган йўлнинг хавф остида қолиши глобал энергетика таъминотига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Воқеалар ортидан нефть нархи ҳам кескин ошди. Brent маркали нефть нархи 6 фоиздан кўпроққа қимматлаб, май ойидан бери биринчи марта бир баррели 100 доллардан ошди.

Айни пайтда АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик ҳам давом этмоқда. 24 июль кунига ўтар кечаси АҚШ Эронга ҳаво зарбалари берган. Бу кетма-кет 13-кеча амалга оширилган ҳужум бўлди. Эрон эса АҚШ ҳарбий базалари жойлашган қўшни араб давлатларига зарбалар берган.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Трампнинг огоҳлантиришларига муносабат билдириб, бошқа давлат активларини келгусидаги даъволар учун мусодара қилиш хавфли прецедент эканини айтди.

"Ҳукуматлар бундай мусодарани одатий ҳолга айлантирса, ҳеч кимнинг мулки хавфсиз бўлмайди", деди у.

Мутахассислар ҳусийларнинг ҳужумлари Қизил денгиздан Ҳинд океанига чиқишни таъминлайдиган Боб ал-Мандаб бўғозида ҳаракатни издан чиқариши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Бу эса жаҳон савдоси ва энергия таъминотига янада катта босим ўтказиши мумкин.

Куни кеча Reuters Эрон июль ойида Яман ҳусийларига Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонлари, ҳарбий маслаҳатчилар, ракета ва дрон воситаларини етказиб бергани ҳақида хабар берган эди.

    Бошқа янгиликлар