Россия Давлат думаси депутати Сергей Миронов Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этиш таклифини илгари сурди. У мигрантлар учун Россияда ишлаш ва яшаш тартибини кескинлаштириш кераклигини айтди.
Миронов 22 июль куни ўтказилган брифингда Россия Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини жорий қилиши кераклигини билдирди.
"Умуман олганда, биз Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини жорий қилиш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Лекин лоақал Беларусь принципи бўйича қилайлик", деди у.
Депутат Беларусьдаги меҳнат миграцияси тизимини мисол қилиб келтирди. Унинг сўзларига кўра, иш берувчи хорижлик ишчи кучини жалб қилишдан аввал мазкур ишни маҳаллий фуқаро бажара олмаслигини исботлаши керак.
Шундан сўнг хорижлик ишчилар муайян ишни бажариш учун келиши, вақтинча яшаш жойларида истиқомат қилиши ва иш тугагач, мамлакатни тарк этиши лозим.
Миронов ўзининг маълумотларига кўра, Россияга келаётган мигрантларнинг атиги 28 фоизи ишлашни режалаштиришини, қолганлари эса бошқа мақсадларда келаётганини айтди. Бироқ у бу рақамлар манбасини очиқламади.
Шунингдек, депутат мигрант жиноят содир этган тақдирда, унинг қариндошларини ҳам Россиядан депортация қилишни таклиф қилди.
Миронов мигрантларнинг Россия иқтисодиётининг айрим соҳаларида ишлашини чеклаш керак, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, Россия ҳудудларининг ярмидан кўпи мигрантлар меҳнатига нисбатан турли чекловларни жорий қилган.
"Келинг, федерал даражада ҳам шундай қилайлик. Ўйлайманки, IX чақириқ Давлат думаси ушбу йўналишда иш олиб боради", деди депутат.
Бундан ташқари, Миронов Россиядаги айрим аралаш жанг санъатлари клубларида мигрантлар кўпчиликни ташкил этаётганидан хавотир билдирди.
"Исталган ҳудуддаги исталган ММА спорт клубига кириб кўринг! У ерда бизникилар йўқ, ҳаммаси мигрантлар! Улар нимага тайёргарлик кўришмоқда? Нима учун? Бу жуда хавотирга соляпти!" деди у.






