Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонасида «Ўзбекистон — Хитой: цивилизациялар мулоқоти ва умумий мерос» мавзусида маданий-маърифий ҳамда медиа тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Хитойнинг етакчи музейлари, илмий муассасалари ва маданий ташкилотлари билан ҳамкорлигининг янги дастури тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган тадбирда дипломатик корпус, давлат идоралари вакиллари, етакчи музейлар раҳбарлари, илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари, археологлар, санъатшунослар, маданият арбоблари, оммавий ахборот воситалари ҳамда икки мамлакат экспертлар ҳамжамиятининг 200 нафардан ортиқ вакили иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши, унинг ноёб концепцияси, асосий экспозициялари, илмий-маърифий фаолияти ҳамда ислом цивилизациясининг бой меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилишга қаратилган халқаро миссияси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Учрашувнинг асосий мавзуси Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданий меросни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланди. Томонлар қўшма музей кўргазмалари, археологик тадқиқотлар ва экспедициялар ташкил этиш, илмий-нашр лойиҳаларини амалга ошириш, мультимедиа экспозицияларини яратиш, мутахассислар алмашинуви дастурлари ва таълим ташаббусларини ривожлантириш режаларини тақдим этдилар.
Шунингдек, Буюк Ипак йўли орқали шаклланган Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги кўп асрлик алоқаларни акс эттирувчи тарих ва маданият ёдгорликларини аниқлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича қўшма ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиев, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухoлиқов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов, шунингдек, Хитойнинг етакчи илмий муассасалари вакиллари ҳамда Ўзбекистон–Хитой қўшма археологик экспедицияси иштирокчилари табрик сўзлари билан чиқиш қилдилар.
Учрашув якунида томонлар илмий, музей ва маданий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қизиқиш билдириб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Хитойнинг етакчи муассасалари билан ҳамкорлиги янги халқаро лойиҳаларни амалга ошириш ва икки мамлакат ўртасидаги гуманитар шерикликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиев ўз нутқида:
«Бугунги кунда Ўзбекистон–Хитой муносабатлари мисли кўрилмаган даражада юксак босқичга кўтарилди. Ҳар томонлама стратегик шерикликнинг мустаҳкам пойдевори мамлакатларимиз раҳбарлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги яқин, самимий ва дўстона муносабатларга таянади», — дея таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, гуманитар ҳамкорлик ва маданий дипломатия икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, илм-фан ва маданият соҳасидаги қўшма лойиҳалар ушбу шерикликка янги амалий мазмун бағишламоқда.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази турли мамлакатлар музейлари, илмий институтлари, архивлари, кутубхоналари ва тадқиқот марказларини умумий маданий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида бирлаштирувчи халқаро майдонга айланаётгани алоҳида қайд этилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ўринбосари Хан Сухэйл шундай деди:
«Бугун биз тарихий воқеанинг гувоҳи бўлиш бахтига муяссар бўлдик. Пекин шаҳрида Тошкентда барпо этилган муҳташам Ислом цивилизацияси марказининг кенг кўламли тақдимоти ўтказилди. У аллақачон жаҳон аҳамиятига эга марказга айланди. Ўзбекистонга нисбатан алоҳида меҳр туйғуси билан айтаманки, менинг энг яхши талабалик йилларим айнан шу мамлакатда ўтган. Шу боис, бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг эзгу орзуси бўлганини яхши биламан. Унинг амалга оширилиши Янги Ўзбекистон барпо этиш ғоясининг моҳияти ва буюк цивилизациялар руҳини бутун дунёга намоён этди».
Қайд этилганидек, Хитойлик ҳамкорлар билан эришилган келишувлар қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, нашриёт ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, замонавий музей технологияларини жорий этиш учун кенг имкониятлар яратади.
Пекин халқаро мулоқот клуби Бош котиби Хань Хуа эса:
«Ўзбекистон жаҳон маданияти ва санъатининг муҳим марказларидан бири ҳисобланади. Янги Ўзбекистонда бу айниқса яққол намоён бўлмоқда. Бу, аввало, Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати самарасидир. У ўз юртининг бой маданий ва маънавий меросини, инсониятнинг буюк алломалари яшаб ижод қилган ва жаҳон илм-фани ҳамда маърифатининг юксалишига улкан ҳисса қўшган замин эканини бутун дунёга меҳр билан тарғиб этмоқда», — деб таъкидлади.
Тадбирнинг яна бир муҳим воқеаси сифатида Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонасида доимий фаолият юритувчи икки экспозиция очилди. Улардан бири мамлакатнинг замонавий тараққиётига бағишланган «Янги Ўзбекистон» фотокўргазмаси бўлса, иккинчиси Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)нинг Ўзбекистон тарихи, маданий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган илмий нашрларидан иборат китоблар кўргазмасидир.
— Биз муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари буюк цивилизациялар бешиги ва ҳақиқий меросхўри эканини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб этиш борасидаги улкан саъй-ҳаракатларида ўзига хос уйғунликни кўряпмиз. Айнан давлат раҳбарларимизнинг меъморий ғояси асосида бугун Пекинда Археология музейи, Тошкентда эса Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди. Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишиш имконига эга бўлган хитойлик делегациялар таъкидлаганидек, дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи экспозицияларида исломгача бўлган цивилизациялар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик йўли жонли акс этган. Шу боис ҳам мазкур марказнинг Гиннесснинг рекордлар китобига киритилгани бежиз эмас. Яқин вақт ичида ташкилотларимиз шериклик муносабатларини йўлга қўяди ва йирик қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга киришади, — деди Хитой Тарих академияси вице-президенти, Археология музейи директори Лю Гусян.
Мазкур тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафарига якун ясади. Сафар давомида делегация мамлакатнинг қатор етакчи музейлари ва илмий муассасалари раҳбарияти билан учрашув ва музокаралар ўтказди. Жумладан, Гонконг Сарой музейи, Хитой Миллий музейи, Хитой Археология музейи, Сарой музейи (Гугун), Шэньси тарихи музейи ҳамда Харбин музейида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф якунида ҳамкорлик тўғрисида бир қатор меморандумлар имзоланди ҳамда қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, музей ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Сафарнинг энг муҳим натижаларидан бири Хитой музейлари ва хусусий коллекцияларида суғд маданиятига оид ноёб экспонатлар ҳамда ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди тарихи билан боғлиқ бошқа қимматли артефактларни аниқлаш бўлди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан қўшма лойиҳаларнинг янги дастурини амалга оширишга келишиб олдилар. Ушбу дастур Хитой тўпламларида сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига бағишланган илмий альбом тайёрлаш, ўзаро кўргазмалар ташкил этиш, музейлар ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантиришни назарда тутади.
Ташриф якунлари Ўзбекистон ва Хитойнинг маданий меросни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади. Томонлар узоқ муддатли қўшма музей, илмий, таълим ва маданий лойиҳаларни изчил амалга оширишга интилишларини билдирдилар.









