АсосийЖАМИЯТ

Чирчиқда дайди ҳайвонларни боққани учун жаримага тортилган аёл вафот этди

Огоҳлантиришларга қарамай, у дайди ит ва мушукларни боқишни давом эттирган.

'Чирчиқда дайди ҳайвонларни боққани учун жаримага тортилган аёл вафот этди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳрида яшаган Н.С.нинг дайди мушукларни озиқлантиргани учун маъмурий жавобгарликка тортилгани ва орадан бир неча кун ўтиб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, Н.С. бир неча йил давомида кўп қаватли уй ҳовлиси ва подъездларида дайди ит ҳамда мушукларни мунтазам равишда боқиб келган. Бу эса ҳудуднинг санитария ҳолати ёмонлашишига олиб келган ва уй аҳолисининг асосли эътирозларига сабаб бўлган.

Ҳокимлик баёнотида айтилишича, маҳалла ва профилактика инспектори вакиллари аёл билан бир неча бор тушунтириш ишларини олиб борган, амалдаги қонунчилик талабларини тушунтирган ва расмий равишда огоҳлантирган.

Бироқ, огоҳлантиришларга қарамай, у бу ишларни давом эттирган. Шундан сўнг уй аҳолиси жамоавий тарзда маҳалла раисига мурожаат қилиб, содир бўлаётган ҳолатларни тасдиқловчи видеоларни тақдим этган ва қонуний чора кўришни сўраган.

Мурожаатлар асосида 26 июнь куни Н.С.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 110-моддаси, яъни ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

22 июль куни волонтёрлар аёлнинг ҳолидан хабар олиш учун унинг уйига борган. Бироқ эшик очилмагани сабабли улар бу ҳақда маҳалла раисига хабар берган. Шундан сўнг Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари жалб қилинган.

Хонадон эшиги очилганидан кейин аёл вафот этгани аниқланган.

Текширув давомида Н.С. ёши билан боғлиқ касалликлардан азият чеккани ва узоқ вақт давомида даволаниб келгани маълум бўлган.

    Бошқа янгиликлар

    Чирчиқда дайди ҳайвонларни боққани учун жаримага тортилган аёл вафот этди - Darakchi.uz