АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда ҳар куни ўртача 137 та оила ажрашмоқда

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида ҳар 1000 нафар аҳолига 1,3 та ажрим тўғри келган.

'Ўзбекистонда ҳар куни ўртача 137 та оила ажрашмоқда'ning rasmi

Ўзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки олти ойида 24 минг 815 та никоҳ бекор қилинди. Бу ҳар куни ўртача 137 та оила ажрашаётганини англатади. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида ҳар 1000 нафар аҳолига 1,3 та ажрим тўғри келган.

2025 йилнинг шу даврида мамлакатда 23,3 мингта никоҳ бекор қилинган эди. Бу йил ажримлар сони қарийб 1,5 мингтага ошган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп ажрим Тошкент шаҳрида қайд этилган — 3 222 та. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (2 676 та), Самарқанд вилояти (2 608 та), Андижон вилояти (2 471 та) ва Тошкент вилояти (2 334 та) қайд этилган.

Ажримлар сони энг кам ҳудуд эса Навоий вилояти бўлган — 673 та.

Ҳудудлар кесимида ажримлар сони:

Қорақалпоғистон Республикаси — 1 048 та;
Андижон вилояти — 2 471 та;
Бухоро вилояти — 1 275 та;
Жиззах вилояти — 1 072 та;
Қашқадарё вилояти — 1 704 та;
Навоий вилояти — 673 та;
Наманган вилояти — 2 070 та;
Самарқанд вилояти — 2 608 та;
Сурхондарё вилояти — 1 718 та;
Сирдарё вилояти — 865 та;
Тошкент вилояти — 2 334 та;
Фарғона вилояти — 2 676 та;
Хоразм вилояти — 1 079 та;
Тошкент шаҳри — 3 222 та.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида мамлакатда 92,3 мингта никоҳ қайд этилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 3 мингтага кам.

Ажримларнинг асосий қисми шаҳарларга тўғри келган. Жами ажримларнинг 60,1 фоизи, яъни 14,9 мингтаси шаҳар ҳудудларида, 39,9 фоизи ёки 9,9 мингтаси эса қишлоқ жойларида қайд этилган.

Шу тариқа, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда никоҳлар сони камайган, ажримлар сони эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда ҳар куни ўртача 137 та оила ажрашмоқда - Darakchi.uz