Исроилда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари арафасида янги яҳудий-араб сиёсий партияси ташкил этилди. Партия ташаббускорлари ёш сайловчиларни сиёсий жараёнларга фаол жалб этишни мақсад қилган. Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу сиёсий куч араб сайловчилари овозининг янада парчаланишига олиб келиши ва Бош вазир Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги ўнг қанот коалициясига қарши мухолифат имкониятларини сусайтириши мумкин. Бу ҳақда Reuters хабар қилди.
Исроил аҳолисининг қарийб бешдан бир қисмини мамлакат фуқаролигига эга фаластинлик келиб чиқишли араблар ташкил этади. Бироқ улар анъанавий равишда яҳудий аҳолига нисбатан камроқ даражада сайловларда иштирок этиб келади.
Маълум қилинишича, "Ҳаммамиз учун жой" номли янги партия чап қанот қарашларини илгари сурадиган "Standing Together" ҳаракати раҳбарлари томонидан ташкил этилган. Июнь ойида фаолиятини бошлаган сиёсий куч октябрь ойидаги парламент сайловларида қатнашишни режалаштирмоқда.
Бу 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС амалга оширган ҳужум ва унинг ортидан бошланган Ғазо уруши давридан кейин ўтказилаётган илк умуммиллий парламент сайлови бўлади. Янги партия мамлакатда яҳудийлар ва араблар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш орқали ҳозирги ўнг қанот ҳукуматини алмаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Партия ҳамраҳбари Алон-Ли Гриннинг сўзларига кўра, асосий эътибор сиёсий тизимдан четда қолганини ҳис қилаётган ва аввал сайловларда иштирок этмаган ёшларга қаратилган.
Исроилдаги араб жамоаси вакиллари эса узоқ йиллардан буён ўзларига нисбатан тенгсиз муносабат сақланиб қолаётганини таъкидлаб келади. Улар ҳозирги ҳукумат даврида араблар яшайдиган ҳудудларга давлат маблағлари етарлича ажратилмаётгани, шунингдек, зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар сони рекорд даражага етганини билдирмоқда.
2022 йилги парламент сайловларида араб сайловчиларнинг 53,2 фоизи овоз берган бўлса, яҳудий сайловчилар ўртасида бу кўрсаткич қарийб 75 фоизни ташкил этган. Таҳлилчилар айнан шу тафовут Биньямин Нетаньяхунинг яна ҳокимиятга қайтишига хизмат қилганини қайд этмоқда.
Айни пайтда тўртта асосий араб сиёсий партияси араб сайловчилари овозини бирлаштириш мақсадида яна иттифоқ тузиш устида иш олиб бормоқда. Исроил қонунчилигига мувофиқ, партия парламентга кириши учун камида 3,25 фоиз овоз тўплаши талаб этилади.
Мутахассислар фикрича, агар янги партия мазкур сайлов тўсиғини енга олмаса, унга берилган овозлар амалда парламентдаги араб вакиллигига таъсир қилмайди ва бу овозлар йўқотилган ҳисобланиши мумкин. Исроил Демократия институти эксперти Арик Рудницкий ҳам шу фикрни билдирган.
Алон-Ли Грин эса партиянинг мақсади мавжуд электоратни бўлиш эмас, балки аввал овоз бермаган янги сайловчиларни сиёсий жараёнга жалб қилиш эканини таъкидлади. Шу билан бирга, у партия бошқа сиёсий кучлар билан ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилаётганини, агар сайлов тўсиғини енгиш имкони бўлмаса, сайловда қатнашмаслик варианти ҳам кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Айни вақтда араб сиёсий партиялари раҳбарлари янги сиёсий кучнинг парламентдан ўрин олиш эҳтимолини юқори баҳоламаётганини билдирмоқда. Ҳозирда араб партиялари Кнессетдаги 120 ўриндан 10 тасини эгаллаб турибди. Улар 2015 ва 2020 йилларда ягона рўйхат билан сайловда қатнашганида энг юқори натижаларни қайд этган эди. Бу сафар эса тўрт партиядан фақат учтаси бирлашишга эришган. Таал партияси раҳбари Аҳмад Тибийнинг таъкидлашича, асосий вазифа араб сиёсий кучларини ягона рўйхат атрофида бирлаштириш бўлиб қолмоқда.






