АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга келишиб олди

Президентлар маданият, таълим, илм-фан, ёшлар сиёсати ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

'Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга келишиб олди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров икки томонлама музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга амалга оширилаётган давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, у Ўзбекистон–Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигида янги саҳифани очганини қайд этди.

Давлат раҳбари саммитга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилганини таъкидлади. Ташриф доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари ўтказилди. Шунингдек, Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонни 2027–2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани билан табриклади. Ушбу воқеа нафақат Қирғизистон, балки бутун Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги нуфузи ошиб бораётганининг ифодаси экани қайд этилди.

Музокаралар очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтгани таъкидланди. Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг барча йўналишларини муҳокама қилди.

Саммитнинг энг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди. Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги, юқори босқичга олиб чиқади.

"Энди бизнинг асосий вазифамиз — ҳамкорлигимизни мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлигига хизмат қиладиган янги мазмун, лойиҳа ва ташаббуслар билан бойитиш", — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, икки давлат Президентлари раислигида Давлатлараро кенгаш ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу механизм иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли ҳамкорлик йўналишларини белгилашга хизмат қилади.

Музокараларда ўзаро савдо айланмасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, 2025 йил якунида 1,2 миллиард доллардан зиёдни ташкил этган. Энди ушбу кўрсаткични яқин келажакда 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Томонлар саноат кооперациясини кенгайтириш, энергетика, электротехника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди.

Транспорт соҳасида "Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон" темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш ишлари давом этаётгани таъкидланди. Шунингдек, ушбу йўналишда савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Сув-энергетика соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди. Хусусан, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ва Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича келишувларни амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда йил якунига қадар янги форматдаги биринчи Ҳудудлар форумини ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Президентлар маданият, таълим, илм-фан, ёшлар сиёсати ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Якунда Шавкат Мирзиёев эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга келишиб олди - Darakchi.uz