Тошкентнинг "Бунёдкор" футбол жамоасига давлат томонидан 5 миллиард сўм миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, маблағ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 мартдаги ПҚ-107-сонли "Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида ажратилган.
Клуб вакилларининг таъкидлашича, ушбу маблағ жамоанинг фаолиятини барқарорлаштириш, мавсум давомидаги тайёргарлик жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда Суперлигадаги учрашувларга режа асосида тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этади.
"Бунёдкор" матбуот хизмати жамоани қийин вазиятда қўллаб-қувватлаб келаётган мухлислар, блогерлар, спорт журналистлари ва Ўзбекистондаги бошқа футбол клубларига миннатдорлик билдирди.
Хусусан, клуб "Пахтакор", "Сурхон", "Бухоро", "Навбаҳор" ҳамда "Олимпик Мобиуз" жамоаларига алоҳида ташаккур изҳор этган.






