Маълум бўлишича, Муҳаммад Арас Темел исмли бола эшиги очиқ қолган ота-онасига тегишли автомобил ичига кириб, ухлаб қолган. Бироқ оила аъзолари унинг йўқлигини дарҳол пайқамаган.
Бола топилган вақтда унинг аҳволи оғир бўлиб, қизиб кетиш оқибатида тиришиш ҳолатлари бошланган. У зудлик билан шифохонага олиб борилган.
Аввалига Муҳаммад Арас Мазидағи давлат шифохонасига етказилган. Шифокорлар унда кучли қизиб кетиш оқибатида юзага келган тиришишларни қайд этган. Кейинроқ у Мардиндаги ўқув-тадқиқот шифохонасига ўтказилган, аммо тиббиёт ходимларининг барча уринишларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имконсиз бўлган.
Маълум қилинишича, Экинжилер қишлоқ ҳудудида яшовчи оила болани ҳушсиз ҳолда топган ва ўзлари шифохонага олиб борган. Ҳозирда унинг жасади ўлим сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизасига юборилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа юзасидан тергов ишларини бошлаган.
Фожиа содир бўлган куни Мардин вилоятида ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилган. Мутахассисларга кўра, қуёш остида қолган автомобил ичидаги ҳарорат бир неча дақиқа ичида хавфли даражага етиши мумкин. Болалар организми эса катталарга нисбатан иссиқлик таъсирига тезроқ берилувчан бўлади.






