АсосийЖИНОЯТ

Электр раҳбари порада, “ўқишга киритиш”ни ваъда қилган шахс эса фирибгарликда ушланди

Қайд этилишича, ушбу раҳбар муқаддам ҳам судланган бўлиб, шунга қарамай яна жиноят содир этган.

'Электр раҳбари порада, “ўқишга киритиш”ни ваъда қилган шахс эса фирибгарликда ушланди'ning rasmi

Самарқанд вилоятида электр таъминоти корхонаси раҳбари пора олишда, Тошкент шаҳрида эса фуқарони олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс фирибгарликда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти туманларидан биридаги электр таъминоти корхонаси раҳбари маҳаллий тадбиркорга тегишли умумий овқатланиш шохобчасининг электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиши оқибатида давлатга етказилган 393 миллион сўмлик зарар юзасидан жиноий жавобгарликка торттирмасликни ваъда қилган. Шунингдек, зарар миқдорини камайтириб кўрсатган ҳолда ишни маъмурий тартибда судга юбориш эвазига у 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тергов маълумотларига кўра, мансабдор шахс жорий йил июль ойи охирида ушбу маблағнинг 4 минг долларини олган. Кейинчалик қолган 1 минг долларни ҳам учинчи шахс орқали қабул қилаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган.

Қайд этилишича, ушбу раҳбар муқаддам ҳам судланган бўлиб, шунга қарамай яна жиноят содир этган.

Яна бир ҳолат Тошкент шаҳрида аниқланган. Унда 1988 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2001 йилда туғилган фуқарони Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 20 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи олдиндан 13 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Электр раҳбари порада, “ўқишга киритиш”ни ваъда қилган шахс эса фирибгарликда ушланди - Darakchi.uz