Ямандаги ҳусийлар Саудия Арабистонининг жанубида жойлашган Нажрон вилоятига ҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида 11 нафар тинч аҳоли жароҳат олди. Шу билан бирга, Ар-Риёд ҳусийлар ва Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ироқдаги қуролли гуруҳлар томонидан мамлакат ҳудудига қарши янги мувофиқлаштирилган ҳужумлар тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирди.
Бу ҳақда Саудия бошчилигидаги ҳарбий коалициянинг расмий вакили, генерал-майор Турки ал-Маликий маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Нажрон вилоятига берилган зарба оқибатида 7 нафар Саудия фуқароси, 1 нафар Яман, 2 нафар Миср ва 1 нафар Покистон фуқароси жароҳатланган. Жабрланганлар орасида 4 ёшли бола ҳам бўлиб, у иккинчи даражали куйиш жароҳатини олган.
Турки ал-Маликий ҳусийларни халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини қўпол равишда бузган ҳолда фуқаролик объектларини нишонга олишда айблади. Унинг таъкидлашича, коалиция кучлари тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради.
Ҳозирча ҳусийлар ҳамда Эрон расмийлари мазкур баёнот юзасидан муносабат билдиргани йўқ.
Маълум қилинишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши беш ойдан буён давом этаётган ҳарбий ҳаракатлари минтақадаги хавфсизлик вазиятини янада кескинлаштирган. Шу муносабат билан Саудия, АҚШ ва бошқа Яқин Шарқ давлатлари разведка хизматлари ҳусийлар ҳамда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўллаб-қувватлайдиган Ироқдаги қуролли гуруҳлар яқин кунларда Саудиянинг энергетика инфратузилмаси, портлари ва аэропортларига қарши мувофиқлаштирилган ҳужумлар уюштириши мумкинлигини аниқлаган.
Шу боис Ар-Риёд минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорликни кучайтиришга киришди. Манбаларга кўра, бугун, 7 август куни Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланиши кутилмоқда.
Саудиянинг юқори лавозимли расмийларидан бири мамлакат Эрон билан қарама-қаршиликни музокаралар орқали ҳал этиш ва кескинликни пасайтириш сиёсатини қўллаб-қувватлаётганини айтди. Унинг фикрича, эҳтимолий ҳужумлар дипломатик жараённи издан чиқаришга қаратилган бўлиши мумкин.
Маълумот ўрнида, ҳусийлар 4 август куни Нажрон аэропортига қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди. 5 август куни эса улар Мариб ва Ҳадрамавт вилоятларида Саудия қўллаб-қувватлайдиган кучларга қарши амалга оширилган ҳужумларда Яман ҳукумат қўшинларининг 30 нафардан ортиқ ҳарбийси ҳалок бўлганини даъво қилди.
Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни Саудия Арабистони АҚШ Марказий қўмондонлиги билан ҳамкорликда Ироқдаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган қуролли тузилмаларга зарбалар берганини маълум қилган эди. Бу қарор Саудия нефть инфратузилмасига дронлар орқали амалга оширилган ҳужумлардан сўнг қабул қилинган. Ироқдаги мазкур қуролли гуруҳлар эса ушбу зарбаларга жавоб қайтаришини билдирган.






