Тошкент шаҳрининг Сергели туманида наркотик моддаларни "закладка" усулида тарқатиш билан шуғулланган шахслар ушланди.
"Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари томонидан 1993 йилда туғилган фуқарога тегишли автомашина ҳамда унинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Тадбир давомида 1,1 килограмм "Альфа-PVP", 1,9 килограмм марихуана, 65 грамм героин ва 16 грамм "5F-APINACA" гиёҳвандлик воситалари аниқланган. Шунингдек, наркотик моддаларни қадоқлашда фойдаланиладиган зип-пакетлар ва электрон тарози ҳам ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахсга наркотик моддаларни "закладка" усулида тарқатиш бўйича топшириқ берган, 1988 йилда туғилган ва аввал ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган аёл ҳам ушланган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳар икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






