АсосийДУНË

Трамп Туркиядан ҳарбий самолётда яширинча кетганини тан олди

Трампнинг Туркияга ташрифи 7–8 июль кунлари Анқарада ўтказилган НАТО саммити доирасида амалга оширилган.

'Трамп Туркиядан ҳарбий самолётда яширинча кетганини тан олди'ning rasmi

АҚШ Президенти Дональд Трамп июль ойи бошида Туркиядан ўзининг президентлик самолётида эмас, балки бошқа самолётда яширинча чиқиб кетганини тан олди. Унинг айтишича, бундай қарор АҚШ Махфий хизмати тавсияси билан қабул қилинган.

"Бу фақат Махфий хизматга боғлиқ. Мен шунчаки улар хоҳлаган ишни қиляпман. Улар менинг бошқа самолётда учишимни хоҳлашди ва мен айтганларини қилдим", деди Трамп Вашингтон яқинидаги Эндрюс қўшма ҳарбий базасида журналистлар саволларига жавоб берар экан.

10 август куни "The Washington Post" нашри Трамп 7–8 июль кунлари Анқарада бўлиб ўтган НАТО саммитидан сўнг самолёт алмаштиргани ҳақида хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, Трамп аввал омма кўзи олдида президентлик самолётига чиққан, бироқ бир неча дақиқадан сўнг самолётдан яширинча чиқарилиб, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли C-32A самолётига ўтказилган.

Бу операция Трампга қарши эҳтимолий Эрон таҳдиди аниқланганидан сўнг амалга оширилган. Хавфсизлик хизмати президентнинг қайси самолётда учишини душман томондан аниқлашни қийинлаштириш мақсадида самолётни алмаштиришга қарор қилган.

Қайд этилишича, Трампнинг ҳақиқий йўналиши ҳатто айрим Оқ уй ходимлари ва журналистлардан ҳам сир тутилган. Улар президент бошқа самолётда учиб кетганидан бехабар ҳолда аввалги самолётда қолган.

Трампнинг Туркияга ташрифи 7–8 июль кунлари Анқарада ўтказилган НАТО саммити доирасида амалга оширилган.

АҚШ президенти самолёт алмаштириш қарори Махфий хизматнинг тавсиясига асосланганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ўша пайтда унга нисбатан хавфлар ҳақида жамоатчиликка маълум бўлмаган бир қатор таҳдидлар мавжуд бўлган.

    Бошқа янгиликлар

    Трамп Туркиядан ҳарбий самолётда яширинча кетганини тан олди - Darakchi.uz