Россия Президенти Владимир Путиннинг Курил оролларига илк бор ташриф буюриши Япониянинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Япония Бош вазири Санаэ Такаичи баҳсли ороллар мамлакатнинг "азалий ҳудуди" эканини таъкидлади.
Россия Президенти Владимир Путин Сахалин вилоятига ташрифи доирасида Итуруп оролида бўлиб, 'Ясный" балиқни қайта ишлаш мажмуаси фаолияти билан танишди ва корхона ходимлари билан мулоқот қилди.
Россия ОАВлари маълумотларига кўра, бу Путиннинг Курил оролларига биринчи ташрифи ҳисобланади.
Путиннинг ташрифи Токионинг кескин муносабатига сабаб бўлди. Япония Бош вазири Санаэ Такаичи мамлакат парламентидаги баёнотида Россия раҳбарининг ташрифига "қатъий норозилик" билдирилишини маълум қилди.
Такаичининг таъкидлашича, Япония "Шимолий ҳудудлар" деб атайдиган жанубий Курил ороллари — Кунашири, Шикотан, Итуруп ва Хабомаи — "Япониянинг азалий ҳудуди" ҳисобланади.
"Биз ушбу оролларни ҳам тарихий нуқтаи назардан, ҳам халқаро ҳуқуққа мувофиқ Япониянинг азалий ҳудуди деб ҳисоблаймиз", — деди Такаичи.
Унинг сўзларига кўра, Россия Президентининг Курил оролларига ташрифи Токионинг ҳудудий низо бўйича позициясига зид. Такаичи Путиннинг ташрифи «япон халқининг туйғуларини ҳақорат қилишини» ва "мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат" эканини айтди.
Бош вазирнинг қайд этишича, Япония Россиядан «Шимолий ҳудудлар»га юқори мартабали амалдорларнинг ташрифларидан тийилишни бир неча бор сўраган.
Такаичи Путиннинг ташрифидан сўнг Россия ва Япония ўртасидаги муносабатларни ўрта ва узоқ муддатли истиқболда тиклаш янада қийинлашиши мумкинлигини билдирган.
Токио баёнотига Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам муносабат билдирди.
"Улар Россия ҳудуди бўлган, шундай ва шундай бўлиб қолади. Буни тушунмаган ҳар қандай одам ўз хатосининг даҳшатли оқибатларига дуч келади", — деб ёзди Медведев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумот учун, Курил ороллари Тинч океани ва Охота денгизи оралиғида, Камчатка ярим оролидан Япониянинг Хоккайдо оролигача чўзилган вулқонли ороллар занжиридан иборат.
Иккинчи жаҳон уруши якунида, 1945 йилда Совет Иттифоқи бутун Курил архипелаги устидан назорат ўрнатган. Япония эса архипелагнинг жанубий қисмидаги Итуруп, Кунашири, Шикотан ва Хабомаи оролларини ўз ҳудуди деб ҳисоблайди.
Токио ушбу оролларни "Шимолий ҳудудлар" деб атайди ва улар 1855 йилда тузилган Симода шартномасига кўра Японияга тегишли бўлганини таъкидлайди. Москва эса ороллар устидан суверенитет Иккинчи жаҳон уруши натижаларига кўра Совет Иттифоқига, кейинчалик Россияга ўтганини билдириб келади.
Айнан мазкур ҳудудий низо сабаб Россия ва Япония ўртасида Иккинчи жаҳон урушига якун ясайдиган тинчлик шартномаси ҳанузгача имзоланмаган.






