Бу ҳақда Александр Лукашенко 11 сентябрь куни журналистларга маълум қилди.
Президентнинг сўзларига кўра, Николай Лукашенко лейтенант унвонида хизмат қилмоқда. Унинг қайси ҳарбий қисмда экани очиқланмаган.
“Кенжа ўғлим аллақачон армияда хизмат қиляпти. Ҳатто ҳеч ким билмас ҳам эди. Виктор чақирди. Қонун-қоидага мувофиқ, ҳамма каби армияда хизмат қиляпти. Лейтенант. Қайердалигини айтмайман, лекин энг мураккаб бўлинмада”, деди Лукашенко.
Шунингдек, у Николай хизматдан бўш вақтида олий таълим муассасасида ўқиган асосий мутахассислиги — биотехнологияни чуқур ўрганишда давом этаётганини айтди.
Маълумот учун, Александр Лукашенко 1975–1977 йилларда чегара қўшинларида ҳарбий хизматни ўтаган. Унинг катта ўғли Виктор ва ўртанча ўғли Дмитрий ҳам турли йилларда чегара қўшинларида хизмат қилган.
Виктор Лукашенко олий таълимни тамомлаганидан сўнг лейтенант унвонига эга бўлганига қарамай, ҳарбий хизматни ўташга қарор қилган. У ноқонуний миграция ва контрабандага қарши курашувчи бўлинмада хизмат қилган.
2003 йилда Дмитрий Лукашенко ҳам мазкур бўлинмада ҳарбий хизматни ўтаган.






