АсосийДУНË

Машҳур турк актёрининг ўлими: севгилиси прокуратурада бошқа кўрсатма берди

Серҳат Мустафо Қиличнинг ўлими юзасидан тергов давом этмоқда.

'Машҳур турк актёрининг ўлими: севгилиси прокуратурада бошқа кўрсатма берди'ning rasmi

Турк кино ва театрининг таниқли вакили, актёр Серҳат Мустафо Қилич 5 сентябрь куни Истанбулдаги уйида вафот этган ҳолда топилган эди. Унинг севгилиси Ўзлем Эсмергул прокуратурада берган кўрсатмасида полициядаги баёнотидан фарқли маълумотларни айтди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.

Эсмергул полициядаги кўрсатмасида Қиличда гиёҳванд моддалар ва алкогольга қарамлик бўлмаганини айтган. Бироқ прокуратурага берган кўрсатмасида актёр гиёҳванд моддалар ва алкоголь истеъмол қилганини тан олган.

“Уни таниганимдан бери гиёҳванд моддалар ва алкоголь истеъмол қилганини биламан. Билишимча, сўнгги 6 ой давомида у кокаин ҳам истеъмол қилган. Унинг душманлари йўқ эди”, деган Эсмергул.

У Қилични 8 йилдан бери танишини, актёр билан охирги марта 3 сентябрь куни телефон орқали гаплашганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Қилич соғлиғи туфайли суратга олиш майдонига бора олмагани сабаб иштирок этаётган сериалида ишлашдан четлатилган.

Эсмергулнинг айтишича, актёрнинг соғлиғи жуда ёмон аҳволда бўлган. У соғлиғи туфайли суратга олишда қатнашмагани учун Эсмергул ва майдондаги дўстлари билан жанжаллашган. Кейинчалик Қилич қўнғироқларга жавоб бермай қўйган.

Эсмергул 7 сентябрь куни Қиличнинг ҳолидан хабар олиш учун унинг уйига борган. У хонадонга захира калити билан кирганини, полда синган тарелка бўлаклари сочилиб ётганини ва кондиционер ишлаб тургани сабаб хона жуда совуқ бўлганини айтган.

У актёрга қўл теккизганида танаси қотиб қолганини сезган ва Қилич вафот этганига ишонч ҳосил қилиб, полицияга хабар берган.

Тергов доирасида ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида ҳам бир қатор ашёвий далиллар аниқланган. Хонадонда гиёҳванд модда деб тахмин қилинаётган яшил ўсимликсимон моддалар, сигарет ўраш қоғози ва найча шаклида ўралган банкнотлар топилган.

Шунингдек, Қилич сўнгги вақтларда Истанбулнинг Шишли туманидаги хусусий шифохонада бўйин умуртқаси чурраси сабаб даволангани маълум қилинган. У мазкур касаллиги туфайли бўйин боғич тақиб юрган.

    Бошқа янгиликлар

    Машҳур турк актёрининг ўлими: севгилиси прокуратурада бошқа кўрсатма берди - Darakchi.uz