Филиппиннинг Палаван провинцияси яқинида MV June Aster йўловчи паромида ёнғин чиқиши оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлди. 87 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Қидирув-қутқарув ишлари давом этяпти.
Ҳодиса 9 сентябрь куни кечқурун паром Коронадан тахминан 2,2 километр узоқликда бўлган вақтда содир бўлган. Кема Маниладаги Басеко ҳудудидан Корона томон йўл олган.
Маълумотларга кўра, паром бортида жами 134 киши — 117 нафар йўловчи ва 17 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳозирга қадар 42 киши, жумладан, 38 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси қутқарилган.
Филиппин Соҳил қўриқлаш хизмати тарқатган кадрларда паромнинг аланга ичида қолгани, қутқарувчилар эса ҳалок бўлганларнинг жасадларини махсус қопларга жойлаётгани акс этган.
Филиппин Соҳил қўриқлаш хизмати вакили капитан Ноэми Каябябнинг маълум қилишича, қутқарилганлар ва ҳалок бўлганлар сони ҳисобга олингач, ҳозирча 87 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Унинг таъкидлашича, бу рақам қидирув-қутқарув ишлари давомида ўзгариши мумкин.
Ҳодисанинг сабаби ҳозирча маълум эмас. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.






