Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, Шимолий Корея Россияни қўллаб-қувватлаш учун 30–50 минг нафаргача ҳарбий хизматчисини юборишга тайёргарлик кўрмоқда. У бу ҳақда 8 август куни "Ядиные новости"га берган интервьюсида маълум қилди.
13 август куни Япониянинг Kyodo News агентлиги Украина ҳарбий разведкасига таяниб, Россияга янги шимолий кореялик ҳарбийлар контингенти юборилиши ҳақида хабар берди. Манбаларга кўра, ноябрь охирига қадар Россияга 50 минггача шимолий кореялик ҳарбий етиб келиши мумкин. Улар Курск, Брянск ва Белгород вилоятларида хизмат қилиши айтилмоқда.
Зеленскийнинг таъкидлашича, КХДР Россия ҳудудидаги ҳарбий операцияларда иштирок этиш орқали замонавий уруш олиб бориш бўйича қимматли тажриба тўпламоқда. Шу сабабли у Жанубий Кореяни Украина билан ҳаво мудофааси ва дронлар ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.
Маълумотларга кўра, 2024 йил охиридан КХДР Россияга ҳарбийларини юбориб келмоқда. Таҳлилчилар Россияга дастлаб 14–15 минг нафарга яқин шимолий кореялик жангчи юборилганини билдирган. Кейинчалик яна ҳарбий қурилишчилар ва сапёрлар ҳам Россияга йўналтирилган.
Жанубий Корея разведкаси Россия томонида жанг қилган шимолий кореяликлар орасида ҳалок бўлган ва ярадорлар сонини тахминан 6 минг нафар деб баҳоламоқда. Айни пайтда Пхеньян қурбонлар бўйича расмий статистика эълон қилмаган.
Айрим экспертлар янги контингент Россия қўшинларининг орқа фронтини қўриқлаши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу эса Россияга кўпроқ ўз ҳарбийларини Украинадаги фронт чизиғига йўналтириш имконини бериши мумкин.






