АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда психофаол ва кучли таъсир қилувчи моддалар олиб кирилиши фош этилди

Ҳар икки ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Тошкентда психофаол ва кучли таъсир қилувчи моддалар олиб кирилиши фош этилди'ning rasmi

Тошкент халқаро аэропортида Бангкокдан олиб келинган юклар орасидан қарийб 1 килограмм каннабис мойи ва психофаол модда сақловчи қўзиқоринлар аниқланди. Яна бир ҳолатда эса 13 мингга яқин сибутрамин моддаси бўлган кофе маҳсулотлари мусодара қилинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент халқаро аэропортида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда “Бангкок – Тошкент” йўналишида учиб келган фуқаронинг юклари рентген аппарати орқали текширилган. Текширув давомида юклар орасидан шубҳали озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланиб, улар очиб кўрилган.

Маълум бўлишича, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро турли озиқ-овқат маҳсулотлари ниқоби остида 978 грамм каннабис мойи ҳамда таркибида психофаол модда бўлган, умумий оғирлиги тахминан 500 граммни ташкил этувчи қўзиқоринларни олиб кирган. У мазкур маҳсулотларни келгусида сотишни режалаштиргани аниқланган.

Яна бир ҳолат Тошкент тумани ҳудудида қайд этилган. Бу ерда ҳаракатланаётган “Дамас” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Текширув давомида автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Учкўприк туманларида яшовчи, 1987 ва 1989 йилларда туғилган икки фуқаронинг полиэтилен пакетларида таркибида “Сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 12 минг 992 дона кофе маҳсулоти борлиги аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, улар қўшни республикадан олиб келинган мазкур маҳсулотларни Фарғона вилоятида сотишни режалаштирган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкентда психофаол ва кучли таъсир қилувчи моддалар олиб кирилиши фош этилди - Darakchi.uz