Янги ўқув йили арафасида Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилган “Мактаб бозорлари”да дарсликлар, мактаб формалари, ўқув-ёзув қуроллари ва бошқа анжомлар нархларини асоссиз оширмаслик сўралди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, айни пайтда умумтаълим мактаблари, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида мавсумий “Мактаб бозорлари” фаолият юритмоқда. Уларда ота-оналар ва ўқувчилар янги ўқув йили учун зарур бўлган ўқув-ёзув қуроллари, дарсликлар, мактаб формалари ва бошқа анжомларни харид қилмоқда.
Рақобат қўмитаси савдо жараёнида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда аҳоли учун сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотларнинг мавжудлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Қўмита ота-оналар ва ўқувчиларга харид вақтида маҳсулотнинг сифати, ишлаб чиқарувчиси, нархи ва бошқа муҳим маълумотларга эътибор қаратишни тавсия қилди.
Тадбиркорлик субъектларига эса “Мактаб бозорлари”да сотилаётган маҳсулотлар сифати ва нархларининг асосли бўлиши, истеъмолчиларга зарур ахборотларни тақдим этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш шартлиги эслатилди.
“Рақобат қўмитаси мактаб бозорларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини дарсликлар, мактаб формалари, ўқув-ёзув қуроллари ва бошқа анжомлар нархларини асоссиз оширмасликка ҳамда белгиланган қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақиради”, — дейилади қўмита огоҳлантирувида.
Фуқаролар “Мактаб бозорлари”да нархларни асоссиз ошириш ҳолатларига дуч келса, Рақобат қўмитасининг 1159 қисқа рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.






