АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурият расмийларига Эрон билан музокараларни тўхтатиш бўйича кўрсатма берган. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Нашр манбасининг маълум қилишича, Вашингтон Эрон билан муносабатларда аввалги ёндашувини ўзгартириб, Теҳронни "бўғиб қўйишга" қаратилган стратегияга ўтмоқда.
СNN маълумотларига кўра, АҚШ бу стратегиядаги ўзгариш ҳақида сиёсий иттифоқчиларини ҳам хабардор қилган. Трамп музокаралар гуруҳига, жумладан, Жаред Кушнер, вице-президент Ж.Д. Вансе ва махсус элчи Стив Виткоффга Теҳрон билан алоқа қилмасликни буюрган.
Манбаларга кўра, қарорга Трампнинг Эрон раҳбарияти унинг талабларини бажаришга тайёр эмаслигидан норозилиги сабаб бўлган. АҚШ президенти музокараларни қайта бошлашдан олдин Теҳрон ўзи талаб қилаётган келишувга тайёрлигини намойиш этишини кутмоқчи.
СNN таъкидлашича, бу қарор Трамп илгари Эрон билан музокаралар яхши кетаётгани ва янги келишувга эришиш имконияти мавжудлигини билдирган баёнотларидан фарқ қилади.
Трамп эса аввалроқ Truth Social тармоғида АҚШ Эрон билан музокара олиб бормаётгани ва бундай музокараларни ўтказиш режалаштирилмаганини ёзган эди.






