АсосийДУНË

Самарқанд туманида дрифт қилган ҳайдовчи 15 суткага қамалди

Судда улардан бири ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилганини кўрган бўлса-да, тўхтамасдан ҳаракатни давом эттириб кетганини тан олган.

'Самарқанд туманида дрифт қилган ҳайдовчи 15 суткага қамалди'ning rasmi

Самарқанд туманида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган олти нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий жазо қўлланди. Улардан бири автомобиль бошқарувида “дрифт” қилиб, ўзи ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаётини хавф остига қўйган. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳуқуқбузарликлар Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судида кўриб чиқилган.

Суд қарорига кўра, “дрифт” қилган ҳайдовчига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Судда у автомобиль дўстига тегишли эканини, ўзи эса ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмаслигини айтган. Ҳайдовчи дрифт қилишни телефонда кўриб, қизиқиб синаб кўрганини билдирган.

“Қилган ишимдан пушаймонман. Ҳеч кимга буни тавсия қилмайман. Охир-оқибат судга олиб келишди ва 15 суткага қамашди”, — дейди у.

Шунингдек, ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаган беш нафар ҳайдовчининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида жарима тайинланган.

Судда улардан бири ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилганини кўрган бўлса-да, тўхтамасдан ҳаракатни давом эттириб кетганини тан олган.

“Ҳайдовчиларга маслаҳатим — ЙПХ ходимлари тўхтатганда, албатта, тўхташсин. Бугун суд бўлди, етти баравар жарима қўлланилди. Қилган ишимдан пушаймонман, иккинчи марта такрорланмайди”, — дейди у.

    Бошқа янгиликлар

    Самарқанд туманида дрифт қилган ҳайдовчи 15 суткага қамалди - Darakchi.uz