Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти билан Ғазо ва Ливан масалаларида очиқ қарама-қаршиликка бориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда "Al-Monitor" хабар берди.
Нашрнинг Исроилдаги сиёсий манбаларига кўра, Нетаньяху АҚШ маъмуриятининг босими остида Ғазо бўйича Вашингтон режасини илгари суришга рози бўлган. Бироқ Исроил ҲАМАСни халқаро барқарорлаштириш кучлари томонидан қуролсизлантирилишига ишонч билдирмаяпти.
Маълум қилинишича, Нетаньяху ва Трампнинг махсус вакили, шунингдек, куёви Жаред Кушнер ўртасидаги учрашувда Ғазога оид 15 банддан иборат режа муҳокама қилинган. Томонлар Исроил ҳозир назорат қилаётган, ҳудуднинг 50 фоизидан кўпроғини ташкил этувчи жойлардан қўшинларини ҳозирча олиб чиқмаслигига келишган. Шу билан бирга, Исроил ҲАМАСга фақат ўз хавфсизлигига бевосита таҳдид юзага келган тақдирдагина ҳужум қилиши белгиланган.
"Al-Monitor" ёзишича, ушбу келишувлар асосан сиёсий зарурат билан боғлиқ. Хусусан, Исроилда октябрь ойида умумий сайловлар, АҚШда эса оралиқ сайловлар ўтказилиши кутилмоқда.
Нашр манбаларидан бирининг таъкидлашича, Нетаньяху "жар ёқасида" турибди ва Ғазо ҳамда Ливан масалаларида АҚШ маъмурияти билан тўғридан тўғри тўқнашувга бориш ёки бормаслик ҳақида қарор қабул қилиши керак.
Айни пайтда Нетаньяхунинг Трамп билан муносабатлари ҳам аввалгидек мустаҳкам эмаслиги айтилмоқда. Исроилдаги сайловлар арафасида Бош вазир АҚШ Президенти билан очиқ қарама-қаршиликка бориш миллий хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан унинг "Ликуд" партияси рейтингига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблаётгани қайд этилган.
Шу билан бирга, Кушнер билан сўнгги учрашувда Нетаньяху ҲАМАС қуролсизлантирилмагунча Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиш мумкин эмаслиги ҳақидаги позициясини сақлаб қолган.
"Al-Monitor" манбасига кўра, ҳозирча ҳар икки томон ҳам муайян илгарилашга эришган: Трамп Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можарони тўхтатиш бўйича эришилган натижани сақлаб қолишга, Нетаньяху эса Кнессет сайловларигача Исроил қўшинларини олиб чиқиш шарти сифатида ҲАМАСнинг қуролсизлантирилишини талаб қилишга интилмоқда.






