Аҳмад Ҳассун Башар Асад ҳокимияти даврида Суриянинг бош диний арбобларидан бири бўлган. У режимнинг сиёсати ва ҳарбий ҳаракатларини диний нуқтайи назардан оқлашда муҳим роль ўйнагани айтилмоқда.
Собиқ муфтий Суриядаги фуқаролик уруши даврида мухолифат ва қуролли гуруҳларга қарши кескин баёнотлар берган ҳамда уларга қарши зўравонликни оқловчи фатволар чиқарганликда айбланмоқда. Шунингдек, у ҳукумат армияси сафида ҳалок бўлган ҳарбийларни “шаҳид” деб атаган ва армияда хизмат қилишни диний бурч сифатида талқин қилган.
Сурия суди Ҳассунга нисбатан зўравонликка ундаш, қотилликларни оқлаш, фуқароларга қарши жиноятларга дахлдорлик ва бошқа қатор айбловларни кўриб чиқмоқда. Тергов ва суд жараёни 2011–2024 йилларда Сурияда содир этилган оғир ҳуқуқбузарликлар бўйича ўтиш даври адолати доирасида олиб борилмоқда.
Ҳассун 2025 йил март ойида мамлакатдан чиқиб кетишга уринган вақтида Дамашқ халқаро аэропортида қўлга олинган. Унга нисбатан ушлаш тўғрисида ордер берилган эди.
Судда собиқ бош муфтийга қўйилган айбловлар бўйича далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ўрганилмоқда.






