Шимолий Корея ядровий қурол ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда сунъий йўлдош тасвирлари, очиқ маълумотлар таҳлили ҳамда КХДР давлат оммавий ахборот воситаларида тарқатилган фото ва видеолар асосида Халқаро атом энергияси агентлиги маълум қилди.
МАГАТЭ маълумотларига кўра, Ёнбёндаги асосий ядровий мажмуада уранни бойитиш учун мўлжалланган янги икки қаватли бино қурилган. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, мазкур бино 28 тагача центрифуга каскадини жойлаштириш имкониятига эга.
Шунингдек, Кансондаги уранни бойитиш объектида ҳам фаоллик кузатилган. У ерда 2024 йилда қурилган қўшимча бинода ишлар бошлангани айтилмоқда.
МАГАТЭ бош директори Рафаэл Гросси КХДРдаги ушбу жараёнларни жиддий ташвиш билан қабул қилганини билдирди. У Шимолий Кореянинг ядровий дастурини давом эттиришини БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига зид деб баҳолади.
Қайд этилишича, КХДР ўз ядровий дастури бўйича МАГАТЭ ваколатларини тан олмайди. Агентлик 2009 йилдан буён Шимолий Кореянинг ядровий объектларига кириш имкониятига эга эмас.
Шимолий Корея расмийлари эса мамлакатнинг ядровий давлат мақоми ўзгармаслигини таъкидлаб келмоқда.
Маълумот учун, Рафаэл Гросси жорий йил апрель ойида Ёнбён ядровий мажмуасида фаоллик сезиларли даражада ошганини маълум қилган эди. Ўшанда 5 мегаваттли реактор, қайта ишлаш бўлинмаси, енгил сувли реактор ва бошқа объектларда фаоллик кузатилгани айтилган.






