Белград шаҳридаги Никола Тесла номидаги халқаро аэропортда Ўзбекистон Президентини Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва унинг рафиқаси кузатиб қўйди.
Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга илк расмий ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги босқични бошлаб берди. Ташриф доирасида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.
Шунингдек, устувор йўналишларда эришилган келишувларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар алмашилди.
Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёевга Сербиянинг олий давлат мукофоти — Катта занжирли Сербия Республикаси ордени тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари, Белград шаҳридаги кўчалардан бирига “”Тошкент”” номи берилди.
Ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон ва Сербия Президентлари қўшма бизнес форумида иштирок этди. Унда икки мамлакатнинг 200 нафардан зиёд расмий ва ишбилармон доира вакиллари қатнашди.
Расмий ташриф якунига етгач, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.
Ўзбекистон Президентининг самолёти Сербия ҳаво ҳудудидан чиқиб кетгунга қадар мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари томонидан кузатиб борилди.






