АсосийДУНË

Тошкентда тез ёрдамга йўл бермаган BYD ҳайдовчиси жарима майдонига тушди

Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди.

'Тошкентда тез ёрдамга йўл бермаган BYD ҳайдовчиси жарима майдонига тушди'ning rasmi

Тошкентда сиренасини ёқиб ҳаракатланган тез тиббий ёрдам автомобилига йўл бермаган BYD ҳайдовчиси жавобгарликка тортилди. Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди.

Ҳолат 8 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан сўнг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган. Кадрларда тез тиббий ёрдам автомобилидаги ходимлар бир неча бор йўл беришни сўраганига қарамай, BYD ҳайдовчиси ҳаракатини давом эттиргани акс этган.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати ҳайдовчининг шахси аниқлангани ва у билан профилактик суҳбат ўтказилганини маълум қилди.

Суҳбат давомида ҳайдовчи воқеа қасддан содир этилмаганини айтган. Унинг таъкидлашича, автомобиль ойнаси ёпиқ бўлган, кондиционер ишлаган ва мусиқа қўйилгани сабабли тез ёрдам машинасининг сиренасини эшитмаган.

Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида баённома расмийлаштирилган. Автомобиль эса вақтинча сақлаш учун жарима майдонига олиб кетилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, махсус транспорт воситаларига, жумладан, сирена ва махсус чироқларини ёқиб ҳаракатланаётган тез тиббий ёрдам машиналарига йўл бермаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундан аввал, август ойи ўрталарда Самарқандда ҳам тез тиббий ёрдам машинасига йўл бермаган “Mercedes-Benz” ҳайдовчиси жавобгарликка тортилган эди. Бундай ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима белгиланган.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкентда тез ёрдамга йўл бермаган BYD ҳайдовчиси жарима майдонига тушди - Darakchi.uz