АсосийДУНË

Макрон Европа Иттифоқида 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни таклиф қилди

Макрон эса бундан ҳам қатъийроқ ёндашувни илгари сурмоқда — 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш.

'Макрон Европа Иттифоқида 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни таклиф қилди'ning rasmi

Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа Иттифоқи ҳудудида 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашни таклиф қилди. У бу ташаббусни Европа Иттифоқи даражасида янги қонунчилик орқали жорий этишга чақирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Макрон 29 август куни Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйенга йўллаган мактубида мазкур масалани бутун Иттифоқ миқёсида уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу болаларнинг руҳий саломатлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун муҳим.

Францияда 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қаратилган қонун лойиҳаси Конституциявий кенгаш томонидан рад этилган. Шу боис Макрон масалани Европа Иттифоқи даражасида ҳал қилишни таклиф қилмоқда.

“Эндиликда Европа Иттифоқидаги барча болаларни ҳимоя қилиш учун 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлашни янги Европа қонунчилиги орқали уйғунлаштириш муҳим”, деб ёзган Макрон.

Айни пайтда Европа Иттифоқининг бир қатор давлатларида болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига нисбатан турли чекловлар муҳокама қилинмоқда. Бунга ижтимоий тармоқларнинг ёшларнинг руҳий саломатлиги ва хавфсизлигига таъсири борасидаги хавотирлар сабаб бўлмоқда. Австралия ҳам ўтган йили вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чеклов жорий этган.

Бироқ айрим Европа давлатлари, хусусан, Скандинавия мамлакатлари бундай қарорни давлат эмас, ота-оналар қабул қилиши керак, деган позицияда.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен июль ойида Европа Иттифоқининг 27 давлатида ёш болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш режалаштирилаётганини айтган эди. Экспертлар таклиф қилаётган ёндашувга кўра, 13 ёшгача бўлган болаларга платформалардан фақат чекланган ва назорат остида фойдаланишга рухсат берилиши, ёш улғайгани сари чекловлар босқичма-босқич юмшатилиши мумкин.

Макрон эса бундан ҳам қатъийроқ ёндашувни илгари сурмоқда — 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш.

Франция Президенти ўз ташаббусини Европа Комиссияси раҳбарининг шу ой охирида Европа парламентида Европа Иттифоқининг устувор вазифалари юзасидан йиллик мурожаат билан чиқиши арафасида илгари сурмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Макрон Европа Иттифоқида 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни таклиф қилди - Darakchi.uz