Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур икки иш ҳарбийлар хатти-ҳаракатларини ўрганувчи махсус комиссия томонидан узоқ вақт давомида текширилганидан сўнг жиноий терговга ўтказилган.
Ҳинд Ражаб қандай ўлдирилган?
Ҳинд Ражаб 2024 йил январь ойида Ғазо шаҳрида оила аъзолари билан автомобильда ҳаракатланаётган вақтида отишмага дуч келган. Унинг олти нафар қариндоши ҳалок бўлган, Ҳинд эса тирик қолган.
Қизалоқ телефон орқали фаластинлик қутқарувчилар билан боғланиб, ёрдам сўраган. Унинг илтимосидан сўнг воқеа жойига тез ёрдам автомобили юборилган.
Бироқ қутқарувчилар Ҳиндга етиб бориши керак бўлган пайтда улар билан алоқа узилган. 12 кун ўтиб, ҳудуддан Ҳинд Ражаб, унинг ҳалок бўлган қариндошлари ҳамда икки нафар тез ёрдам ходимининг жасадлари топилган.
Исроил армияси аввалроқ ҳодиса содир бўлган ҳудудда унинг ҳарбийлари бўлмаганини билдирган эди. Бироқ 19 август куни ўтказилган текширувлардан сўнг армия Ҳинд ва унинг оила аъзолари бўлган автомобиль қўшинларга яқинлашгани ва унга қарата ўқ узилганини тан олди.
Жиноий терговга ўтказилган иккинчи иш 2025 йил март ойида Ғазонинг жанубида 14 нафар фаластинлик шифокор ва қутқарувчининг ўлдирилиши билан боғлиқ.
Маълум қилинишича, Исроил ҳарбийлари ушбу тиббиёт ходимларини ўлдирганидан кейин ҳудуддан автомобильда ўтиб кетаётган БМТ ходимининг ҳам ҳалок бўлишига олиб келган отишма содир этган.
Шу билан бирга, Исроил армияси гуманитар ходимлар ўлими билан боғлиқ яна бир қатор ҳолатлар бўйича жиноий тергов бошлашдан бош тортган.
Жумладан, 2024 йил апрель ойида “World Central Kitchen” ташкилотининг Ғазода гуманитар ёрдам етказиб бераётган 7 нафар ходими Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган. Исроил армияси ушбу ҳолат бўйича жиноий тергов бошлаш учун асос йўқлигини билдирган.
“World Central Kitchen” эса армия ҳисоботини ва ишни ёпиш қарорини рад этиб, мустақил тергов ўтказилишини талаб қилган.
Бундан ташқари, 2024 йил февраль ойида “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти фаолият юритган бинога қилинган ҳужум ҳамда 2023 йил ноябрь ойида Ғазо шаҳрида тиббиёт ташкилоти ходимлари ўлдирилгани билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳам жиноий ишлар очилмаган.
Исроил армиясининг маълум қилишича, уруш даврида ҳарбийлар ҳаракатларини ўрганувчи махсус комиссия қарийб 150 та ҳодисани кўриб чиққан. Комиссия ўзини ҳарбийларнинг одатий буйруқ занжиридан мустақил равишда ишлайдиган мутахассислардан иборат орган сифатида таърифлаган.
Ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари эса Исроил ҳарбийлари томонидан ўтказиладиган бундай текширувлар камдан кам ҳолларда жиноий айблов ва суд ҳукми билан якунланишини таъкидламоқда.






