АҚШнинг Аляска штатида бортида 8 киши бўлган чартер самолёти узоқда жойлашган радар станцияси яқинида ҳалокатга учраган бўлиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB) маълум қилди.
NTSBнинг Аляска минтақаси раҳбари Клинт Жонсоннинг айтишича, самолётда 2 нафар учувчи ва 6 нафар йўловчи бўлган. Ҳозирча уларнинг тақдири ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Маълум бўлишича, самолёт Анкоридж шаҳрида ҳавога кўтарилган. У 20 август куни тушдан кейин Кейп-Ньюенхэм ҳудудига қўниш вақтида ҳалокатга учраган бўлиши мумкин.
Аляска Қутқарувларни мувофиқлаштириш маркази Кейп-Ньюенхэм узоқ масофали радар станцияси яқинида самолёт билан боғлиқ ҳодиса юз бергани ҳақида хабар олган. Шундан сўнг ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари бошланган.
NTSB вакиллари ҳозирча маълумотлар дастлабки эканини таъкидлаган. Қидирув ишлари давом этмоқда, қўшимча маълумотлар олингани сари жамоатчиликка маълум қилинади.






