Фарғона ва Наманган вилоятларида фуқароларни “Умра” зиёратига ноқонуний юбориш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди. Ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фарғона вилоятида Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари икки нафар фуқарони “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан 2200 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фирма раҳбари сўралган пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби ҳолат Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ҳам қайд этилган. Туманда фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ходими икки нафар фуқарони “Умра” зиёратига юбориш эвазига 2200 АҚШ доллари талаб қилган.
У фуқаролардан 400 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






