2026 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўлкира ҳақи бўйича янги тарифлар жорий этилиши мумкин. Тегишли қарор лойиҳаси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан қабул қилинган.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасига кўра, автобус ва метрополитенда бир марталик йўлкира ҳақи нақд пул орқали тўланганда 3 минг сўм миқдорида қолади.
Электрон тўлов тизими орқали бир марталик қатнов учун эса 2,5 минг сўм тўланади. Мазкур тарифга рағбатлантирувчи чегирма қўлланилади.
Шунингдек, транспорт карталаридан фойдаланишда қатновлар сонига боғлиқ янги тариф режалари жорий этилади. Бир соат ичида бир йўналишдаги жамоат транспортининг бошқа турига ўтишда имтиёзли ва бепул тарифлар ҳам қўлланилади.
Бир йўловчининг багажини ташиш хизмати учун йўлкира 4 минг сўм этиб белгиланиши таклиф этилган.
Янги тарифлар 2026 йил 1 октябрдан кучга кириши кутилмоқда.






