Тошкент шаҳрида Глинка кўчасидаги газ сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳодисадан сўнг муҳандислик тармоқлари қўшимча текширилмоқда. Текширувлар давомида яна 10 та газ сизиб чиқиши ҳолати аниқланган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, шаҳарда бундай ҳолатларнинг такрорланишининг олдини олиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилган. Унинг таркибига "Veolia Energy Tashkent" ИП МЧЖ, "Тошкент шаҳар сув таъминоти" МЧЖ, "Ҳудудгаз пойтахт" газ таъминоти филиали ва туман газ таъминоти бўлимларининг тажрибали мутахассислари киритилган. Текширув ишларига зарур махсус техникалар ҳам жалб этилган.
Мутахассислар томонидан ўрта босимли газ қувурларида 4 та, паст босимли газ қувурларида эса 6 та газ сизиб чиқиши ҳолати аниқланган.
Қайд этилишича, аниқланган барча носозликлар бартараф этилган. Глинка кўчасидаги таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳам якунланган ва йўл автотранспорт ҳаракати учун тўлиқ очилган.
Шунингдек, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва бошқа масъул ташкилотларнинг кўчма лабораториялари томонидан Глинка кўчасига туташ ҳудудларда муҳандислик тармоқлари комплекс текширилмоқда. Текширувлар давомида эҳтимолий газ сизиб чиқиши ҳолатлари аниқланмоқда.






