Қозоғистон тенгеси 2026 йил бошидан буён АҚШ долларига нисбатан 9,7 фоизга мустаҳкамланиб, Европа ва Осиёда энг яхши натижа кўрсатган валюталардан бирига айланди. "Financial Times" ёзишича, бунга хорижий инвесторларнинг Қозоғистон ички давлат облигацияларига қизиқиши ортиши сабаб бўлган.
Мамлакатдаги юқори фоиз ставкалари хорижий капитални жалб қилмоқда. Июнь ойи ҳолатига кўра, хорижий инвесторлар қўлидаги тенгеда номиналлаштирилган давлат облигациялари ҳажми 5 миллиард долларга етган. Бу бир йил аввалги қарийб 2 миллиард долларлик кўрсаткичдан икки баробардан кўпроқдир.
Тенгенинг мустаҳкамланишида Қозоғистондаги юқори фоиз ставкалари ҳам муҳим омил бўлмоқда. Марказий банк июль ойида асосий ставкани 16,75 фоизга туширган. Шу билан бирга, йиллик инфляция 2025 йил сентябридаги қарийб 13 фоиздан 2026 йил июнида 10 фоиз атрофига пасайган.
Таҳлилчилар фикрича, тенгенинг ўсиши асосан савдо эмас, балки мамлакатга кириб келаётган капитал оқими билан боғлиқ. Қозоғистон ички давлат облигацияларини "Евроклир" халқаро клиринг тизимига улаш режасини эълон қилганидан сўнг инвесторлар қизиқиши янада кучайган.
Шунингдек, Қозоғистон хорижий инвесторлар учун Россияга муқобил бозор сифатида ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Биринчи чоракда мамлакатга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 6,3 миллиард долларни ташкил этган.
Қозоғистон ҳукумати иқтисодиётни диверсификация қилиш, нефтьдан ташқари даромад манбаларини кўпайтириш ва мамлакатни Хитой ҳамда Европа ўртасидаги муҳим транзит марказига айлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Август ойида эса Қозоғистон "Nvidia" ва "Firebirds" компаниялари билан умумий қиймати 10 миллиард долларлик келишувларни имзолаган. Унга кўра, мамлакатда дата-марказлар қурилиши режалаштирилган.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Хитой ва Россия ўртасида жойлашган Қозоғистон иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш учун хорижий капитал манбаларини кенгайтиришга интилмоқда.






