АҚШ Россияни G20 давлатларининг энергетика вазирлари учрашувида иштирок этишга таклиф қилди. Россиялик расмийнинг 14–16 сентябрь кунлари Техас штатида бўлиб ўтадиган тадбирда қатнашиши кутилмоқда. Бу ҳақда 11 сентябрь куни Reuters Оқ уй вакилига таяниб хабар берди.
Оқ уй вакилига кўра, Россиядан бир нафар мансабдор шахс келаси ҳафта Хьюстон шаҳрида ўтказиладиган G20 энергетика вазирлари учрашувида иштирок этади. Бироқ ҳозирча Россия томонидан айнан ким юборилиши маълум қилинмаган.
Учрашувда энергетика соҳасидаги глобал масалалар, жумладан, энергия хавфсизлиги ва халқаро ҳамкорлик билан боғлиқ мавзулар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Россиянинг G20 тадбирларида иштирок этиши сўнгги вақтларда янада кўпроқ эътибор қаратилган масалалардан бирига айланган. Август ойи охирида АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги Эшвилл шаҳрида G20 давлатлари молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Россия Молия вазири Антон Силуанов 2022 йил апрелидан буён биринчи марта шахсан иштирок этган.
Россиянинг G20 доирасидаги тадбирларда қатнашиши Украинадаги уруш туфайли Москва ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатлар кескинлашганига қарамай, "Катта йигирмалик" доирасида мулоқот сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.






