Жорий йил якунига қадар Ўзбекистон мактабларида 1000 та янги компьютер синфи ташкил этилиши ва 6300 та электрон доска харид қилиниши керак. Бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 350 млрд сўм ажратилган. Бироқ ҳозирга қадар мазкур жиҳозларнинг бирортаси ҳам харид қилинмаган.
Бу масала 25 август куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳриддин Мавлонов томонидан кўтарилди.
Депутатнинг таъкидлашича, мазкур вазифалар 2030 стратегияси ҳамда 2026 йилга мўлжалланган давлат дастурининг 8-бандида белгиланган. Унга кўра, йил охиригача умумтаълим мактабларида 1000 та янги компьютер синфи ташкил этилиши ва 6300 та электрон доска харид қилиниши лозим.
Бунинг учун бюджетдан 350 млрд сўм маблағ ажратилган. Шундан 250 млрд сўм компьютер синфларини ташкил этишга, 100 млрд сўм эса электрон доскалар харидига йўналтирилиши белгиланган.
“Маблағ аниқ, масъул аниқ, муддат бор, лекин ҳозирга қадар бирортаси амалга оширилмаган. Кечикиш сабаблари нимада?” деди Зуҳриддин Мавлонов.
Депутат янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолганини қайд этиб, қолган тўрт ой ичида белгиланган кўрсаткичларга эришиш мумкинми, деган саволни ўртага ташлади.
“Бир ҳафтадан кейин янги ўқув йили бошланадиган мактабларимизда нега ҳалигача электрон доскалар ёки компьютер синфлари ташкил этилмади? Йил якунига тўрт ой қолди. Тўрт ой якунигача 1000 та компьютер синфи ташкил этилиб, 6000 дан зиёд электрон доска мактабларга етказиб бериладими?” деди депутат.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова эса кечикишни харид жараёнлари билан изоҳлади.
Унинг маълум қилишича, 2026 йилда мактабларни 1000 та компьютер синфи билан таъминлаш учун 250 млрд сўм ажратилган. Дастлабки экспертиза хулосалари асосида эса ушбу маблағ ҳисобидан 1000 та эмас, 1350 та компьютер синфи тўпламини харид қилиш белгиланган.
“Ҳозирда дастлабки экспертиза хулосалари олинган ва тендер савдолари эълонга жойлаштирилган”, деди вазир.
Электрон доскалар бўйича ҳам тендер жараёни ўтказилмоқда. Бу мақсад учун 100 млрд сўм ажратилган.
Вазирнинг айтишича, электрон доскаларни харид қилиш бўйича дастлабки тендерда ғолиб аниқланмаган. Шу сабабли 10 август куни харид қайта эълон қилинган.
“12 июль куни электрон доскаларни сотиб олиш бўйича тендер савдоларига эълон қўйилган, лекин ғолиб аниқланмаганлиги сабабли 10 август куни яна қайта тендер эълон қилинди”, деди Эъзоза Каримова.
Унинг маълум қилишича, электрон доскалар бўйича ғолибни аниқлаш 26 август кунига белгиланган.
Вазир харид жараёнлари якунлангач, компьютер синфлари ва электрон доскаларни мактабларга етказиб бериш ишлари амалга оширилишини айтди.
“Ғолиблар аниқ бўлгандан кейин барча харидлар амалга оширилади. Октябрь ойи якунига қадар барча белгиланган компьютер синфи тўпламлари ҳам, электрон доскалар ҳам мактабларимизга тўлиқ етказиб берилади ва давлат дастурида белгиланган кўрсаткичларга чиқамиз”, деди вазир.






