АсосийЖАМИЯТ

Байрам кунларида шифохоналар қай тартибда ишлайди?

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами муносабати билан 29 августдан 1 сентябрга қадар тиббиёт муассасалари одатдагидек фаолият юритади.

'Байрам кунларида шифохоналар қай тартибда ишлайди?'ning rasmi

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, байрам ва дам олиш кунларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш мақсадида вазирликда махсус штаб ташкил этилган.

29 августдан 1 сентябрга қадар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда республика даражасидаги шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларида ходимлар навбатчилик асосида ишлайди.

Шунингдек, 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказида тиббий хизмат узлуксиз кўрсатилади.

Тез тиббий ёрдам тизими ҳам байрам кунлари тўлиқ таркибда ишлайди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг 13 та ҳудудий филиали ва қарийб 200 та аҳоли пунктидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида навбатчи шифокор ва ҳамширалар 24 соат давомида хизмат кўрсатади.

“103” тез тиббий ёрдам хизмати ҳам одатдагидек ишлайди. Унинг 14 та ҳудудий филиали, 189 та станцияси, 40 та подстанцияси ва 1492 та таянч пунктида 2900 дан ортиқ тиббий ёрдам бригадаси чақирувларга шай ҳолатда бўлади.

Барча туғруқхоналар ва болалар даволаш муассасаларида ҳам тиббий хизмат узлуксиз кўрсатилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги байрам кунлари навбатчилик қиладиган тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдириб, фуқароларни ўз саломатлигига эътиборли бўлишга чақирди.

    Бошқа янгиликлар

    Байрам кунларида шифохоналар қай тартибда ишлайди? - Darakchi.uz