АсосийДУНË

АҚШда ядро уруши ҳолати учун янги вертолёт эскадрильяси тузилди

Аввалроқ “Black Hawk” ҳарбий вертолёти иштирокида ҳам АҚШнинг юқори мартабали раҳбарларини Вашингтондан эвакуация қилиш бўйича ўқув машғулоти ўтказилган.

'АҚШда ядро уруши ҳолати учун янги вертолёт эскадрильяси тузилди'ning rasmi

АҚШда ядро уруши ёки глобал инқироз юз берган тақдирда мамлакатнинг юқори ҳарбий-сиёсий раҳбариятини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилишга мўлжалланган янги вертолёт эскадрильяси ташкил этилди. Бу ҳақда 28 август куни “The War Zone” портали хабар берди.

Қайд этилишича, янги 5-вертолёт эскадрильяси Вашингтон яқинидаги Эндрюс ҳарбий-ҳаво базасида жойлашади. У сўнгги 60 йил ичида ташкил этилган биринчи янги вертолёт эскадрильяси ҳисобланади.

Эскадрильянинг асосий вазифаси фавқулодда вазиятлар, йирик инқирозлар ёки АҚШ пойтахтига таҳдид юзага келган ҳолатларда ҳукуматнинг асосий раҳбарлари, юқори лавозимли ҳарбийлар ва бошқа муҳим шахсларни тезкор ва хавфсиз тарзда ташишдан иборат.

Янги бўлинма замонавий НН-60W “Jolly Green II” вертолётлари билан жиҳозланади. Улар ўн йиллар давомида фойдаланилган эскирган UH-1N “Huey” вертолётларининг ўрнини эгаллайди.

“The War Zone” маълумотларига кўра, эскадрилья АҚШ ҳукумати фаолияти узлуксизлигини таъминлашга қаратилган режалар доирасида ташкил этилган. Унинг вертолётлари ядро уруши ёки бошқа йирик глобал инқирозлар вақтида мамлакат раҳбариятини Вашингтон ҳудудидан хавфсиз жойларга олиб чиқиш учун ҳам қўлланиши мумкин.

Айни пайтда АҚШ Президенти ва ҳукумат аъзоларини ташиш ҳамда фавқулодда эвакуация қилиш бўйича асосий вазифаларни АҚШ Денгиз пиёдалари корпусининг махсус бўлинмаси бажаради. Бу мақсадда VH-3D “Sea King” вертолётларидан фойдаланилади.

Шу билан бирга, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари мамлакат раҳбариятини фавқулодда вазиятларда бошқарув марказларига кўчириш учун мўлжалланган янги “Қиёмат куни” самолётини ишлаб чиқишга 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сўраган.

Аввалроқ “Black Hawk” ҳарбий вертолёти иштирокида ҳам АҚШнинг юқори мартабали раҳбарларини Вашингтондан эвакуация қилиш бўйича ўқув машғулоти ўтказилган.

Шунингдек, Миссури университети профессори Майкл Хадсон АҚШ ҳарбий қўмондонлигида Президент Дональд Трампнинг ядро қуролидан фойдаланиши эҳтимоли борасида хавотирлар мавжудлиги ҳақида фикр билдирган. Бироқ унинг бу борадаги даъволари расмий равишда тасдиқлангани ҳақида маълумот берилмаган.

    Бошқа янгиликлар

    АҚШда ядро уруши ҳолати учун янги вертолёт эскадрильяси тузилди - Darakchi.uz