Хитой суди Хубей провинцияси Коммунистик партияси собиқ раҳбари Жианг Чаолиангни коррупция иши бўйича икки йиллик кечиктириш билан ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Суд Чаолиангни 746 млн юандан ортиқ, яъни қарийб 111 млн доллар миқдорида пора олганликда айбдор деб топган.
Жианг Чаолианг аввал Хубей провинцияси Коммунистик партияси қўмитасига раҳбарлик қилган. Шунингдек, у Қишлоқ хўжалиги банки, Хитой тараққиёт банки ва Bank of Communications каби йирик молия муассасаларида юқори лавозимларда ишлаган.
У 2020 йилда COVID-19 пандемиясининг илк босқичида Хубейдаги энг юқори мартабали амалдорлардан бири сифатида танилган. Коронавирус тарқалиши даврида вазиятни бошқариши танқид қилингач, партия раҳбари лавозимидан четлатилган.
Хитой қонунчилигига кўра, икки йиллик кечиктириш билан ўлим жазоси тайинланган маҳкум белгиланган муддатда янги жиддий жиноят содир этмаса, жазо умрбод қамоққа алмаштирилиши мумкин.






