Италиянинг давлатга қарашли RAI телеканали машҳур журналист Сигфридо Рануччини 9 йилдан буён бошқариб келган "Report" таҳлилий дастури бошловчилигидан четлатди. Қарор мамлакатда сиёсий баҳсларга сабаб бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Рануччи қарордан сўнг матбуот эркинлиги учун курашишини билдирган. "Report" Италиядаги энг машҳур журналистик суриштирув дастурларидан бири ҳисобланади.
Журналистнинг четлатилиши RAI мустақиллиги ва матбуот эркинлиги борасидаги баҳсларни яна кун тартибига олиб чиқди. Ҳукумат тарафдорлари қарорни қўллаб-қувватлаган бўлса, мухолифат уни танқид қилди.
RAI эса қарор сўнгги можаролар билан боғлиқ эмаслигини, мақсад журналистик суриштирувларни кучайтириш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш эканини маълум қилди.






