Россиянинг Москва вилояти Ореxово-Зуево шаҳар округида 12 ёшли мактаб ўқувчисининг ўлими бўйича 15 ва 16 ёшли икки нафар қиз қўлга олинди. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, улар жиноятни олдиндан режалаштирган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
12 ёшли бола 26 август куни Кaбаново қишлоғида бедарак йўқолган. Уни қидириш ишларига кўнгиллилар ҳам жалб этилган. Эртаси куни боланинг жасади ташландиқ бинонинг ертўласидан кўплаб пичоқ жароҳатлари билан топилган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар болани сайр қилиш баҳонасида ташландиқ бинога олиб борган. Қизлар унга қўшни бўлгани айтилмоқда.
Айрим ОАВ ва Telegram-каналлар манбаларга таяниб, қизлар жиноятга тайёргарлик кўргани, пичоқ ва қўлқоплар олдиндан тайёрланганини хабар қилган. Шунингдек, улар воқеани телефонга тасвирга олган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар тарқалган.
Марҳум боланинг онаси қизлар бошқа қотилликларни ҳам режалаштирган бўлиши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, терговнинг версияларидан бирига асосан, гумонланувчилар Жанубий Кореянинг машҳур "Калмар ўйини" сериали таъсирида бўлган.
Гумонланувчилардан бирининг TikTok саҳифасидан сериалдан қотиллик саҳналари жамланган видео ҳам топилгани хабар қилинди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан қотиллик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.






